Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Муносабат: омонат учун ҳисобланган маблағлар мижозга тўлиқ қайтарилган!

Янгиланган сана:  14 Феврал 2023, 15:07
9 Feb 2023

Муносабат: омонат ва у учун ҳисобланган маблағлар мижозга тўлиқ қайтарилган!

2022 йилнинг 20 сентябр санасида “Туронбанк” АТБнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Банк хизматлари маркази”да фуқаро Базарбаева Айгул Куанышбаевна билан “Устувор” муддатли омонатига маблағ жойлаштириш бўйича шартнома имзоланган. Унга мувофиқ омонатчи томонидан 18 ой муддатга, йиллик 22 фоиз устама тўлаш шарти билан жами 94.300.000 сўм миқдоридаги маблағлар жойлаштирилган.

Мазкур омонат бўйича операцияларни амалга ошириш қоидаларига асосан агарда омонат маблағлари муддатидан олдин қайтариб олинса 3 ойгача бўлган муддатга ҳеч қандай фоиз тўланмаслиги, тўлиқ 4 ойдан 12 ойгача сақланган омонатлар учун эса 19 фоиздан қайта ҳисобланиши белгиланган. Фуқарога омонат шартлари ва муддатлари тўғрисида оғзаки тарзда ҳам бир неча маротаба банк ходимлари томонидан тушинтириш берилган.

Ушбу омонат тури расмийлаштирилган вақтда “Туронбанк” АТБда Давлатимиз раҳбарининг “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ трансформация жараёнларининг навбатдаги босқичи олиб борилаётган эди. Хусусан, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида фаолиятга янги “Colvir banking system” автоматлаштирилган банк тизими жорий этилди.

Тизимдаги мазкур ўзгариш ва у билан боғлиқ техник созламалар сабабли фуқаро Базарбаева Айгул Куанышбаевна билан “Устувор” муддатли омонатига маблағ жойлаштириш бўйича имзоланган шартнома қоидаси ўзгариб қолган яъни муддатидан аввал ечилганда фоизлар ҳисобланишининг вақти 4 ой эмас балки техник хатолик туфайли 3 ойгача этиб белгиланган.

Бу ҳолатдан хабари бўлмаган омонатчи эса 2023 йил 6 январ санасида маблағларини муддатидан аввал ечиб олиш учун “Туронбанк” АТБнинг Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Банк хизматлари маркази”га ташриф буюрган. Молия муассасаси ходимлари эса тизимда техник муаммолар юзага келгани, уни тезда бартараф этиб омонатчининг барча маблағларини қайтариб беришларини айтган. Бу жараён тахминан 1,5 соатларгача чўзилган ва ушбу ҳолатдан фуқаро Базарбаева Айгул Куанышбаевна норози бўлган.   

Аммо, шу вақт оралиғида фуқаронинг омонат маблағлари шартнома шартларида белгиланган тартибда, фоиз ҳисобланган ҳолда тўлиқ ҳажмда қайтариб берилган. Мазкур кутилмаган техник фавқулодда ҳолатдан норози бўлган фуқаронинг яқин қариндоши Арзы Фазылов эса Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши ва Вазирлар Кенгаши нашри бўлган “Еркин Қарақапақстан” газетасининг 2023 йил 2 феврал кунги нашрида “Турон банкга ишонч йўқолди” рукни асосида салбий мазмундаги мақоласини чоп эттирган.

Келтирилган ноқулайлик учун мижоздан узр сўраган ҳолда ҳурматли фуқароларга қуйидагиларни маълум қиламиз:

“Туронбанк” АТБ томонидан кўрсатилаётган барча хизматлар энг аввало юртдошларимизнинг оғирини енгил қилиш, молиявий хизматларга бўлган талабини қондиришга хизмат қилади. Бу борада сифат даражасини янада ошириш мақсадида эса тизимли тарзда фаолиятга замонавий технологиялар жорий этиб келинмоқда.

Шунингдек, бевосита омонатлар бўйича ҳеч иккиланмай айтишимиз мумкинки, “Туронбанк” АТБга ишониб топширилган жамғармалар фойдали кўпайтирилади ва ишончли ҳимояланади. Энг муҳими бу маблағлар “Фуқароларнинг банклардаги омонатларини кафолатлаш фонди” томонидан кафолатланади.

ОАВ вакиллари ва фаол интернет нашрларидан банк фаолияти, тақдим этаётган хизматлари ҳақида танқидий ёки суриштирув мақолаларини чоп этишдан аввал бевосита молия муассасаси билан ҳам алоқага чиқишларини, дастлабки асосланмаган хабарлар суяниб материал чоп этмасликларини ва Ўзбекистон Республикасининг “Ахборот олиш эркинлиги тўғрисида”ги Қонуни талабларига кўра эълон қилинаётган маълумотнинг ҳаққонийлиги ва сифатлилигини таъминлаш учун банк Матбуот хизмати билан ҳамкорлик қилишларини сўраймиз.

“Туронбанк” АТБ матбуот хизмати!

/ Манба: Матбуот хизмати / Кўришлар: 1254
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech