Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

Тадбиркорлар билан жонли учрашув - форматларни ўзгартириш вақти!

Янгиланган сана:  14 Феврал 2024, 14:18
5 Aug 2022

Тадбиркорлар билан жонли учрашув – форматларни ўзгартириш вақти!

Ҳеч кимга сир эмас сўнгги йилларда тадбиркор ва ишбилармон деган тушунча, халқ тили билан айтганда “бизнесмен” атамаси ижтимоий ҳаётимизнинг трендига айланди. Айни соҳа вакиллари учун яратиб берилаётган имкониятлар эса янги йўналиш ва тармоқларнинг ривожланиши, аввал импорт қилинган маҳсулотларнинг “Made in Uzbekistan” ёрлиғи остида маҳаллийлаштирилишига олиб келмоқда. Президентимиз таъбири билан айтганда, улар иқтисодиёт таянчи ва ислоҳотлар локомотивига айланяпти.

Ушбу ижобий тенденцияни бир маромда сақлаб туришда эса ташаббускорлар билан доимий мулоқотнинг йўлга қўйилиши, уларнинг муаммо ва таклифларини тинглаш муҳим саналади. Кўплаб йирик лойиҳаларнинг ҳаммуаллифи, юзлаб корхона ва янги брендларнинг ҳамкори ҳисобланмиш Туронбанкда, бу борада яхши тажриба шаклланган. Хусусан, шахсан Бошқарув раисининг ҳудудлардаги тадбиркорлар билан жонли учрашувлари кўплаб камчиликларнинг бартараф бўлиши ва янги ғояларнинг ҳаётга тадбиқ этилишида қўл келяпти.

Сўзимизнинг исботини сайёр мулоқотларнинг навбатдаги манзилига айланган воҳа замини мисолида кўришимиз мумкин. Андижон ва Наманган вилоятлари.

6.jpg

Дастлаб Андижон вилоятининг Балиқчи туманида ташкил этилган 60 гектарлик майдонда жойлашган лимончилик лойиҳалари ўрганилди. Унда иссиқхоналарни юритишдаги муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари юзасидан таклифлар тингланди. Маълумотларга қараганда, мазкур иссиқхоналарнинг ташкил этилиши натижасида 400 дан зиёд оилалар иш билан банд бўлиб, 800 минг доллардан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилинган. Шунингдек, учрашув давомида Асака туманининг “Юксалиш” маҳалласида амалга оширилаётган тикувчилик лойиҳаси кўздан кечирилиб, фабрика учун қўшимча бино қуриш ва замонавий тикув дастгоҳларини харид қилишга амалий, молиявий кўмак бериш бўйича суҳбатлар олиб борилди.   

9.jpg

Бундан ташқари, вилоятнинг марҳамат туманида иш бошлаётган “Аср умиди” корхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. Хусусан, Туронбанкнинг 10 млрд. сўмлик кредити эвазига ташкил этилаётган 4 гектарлик иссиқхона, совутгич ва пластик қути ишлаб чиқариш лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Тадбиркор билан мулоқот давомида иссиқхонанинг қурилиш ишларига синчковлик билан эътибор қаратиш, муаммо ва камчиликларни биргаликда бартараф этиш бўйича келишиб олинди.

Ташаббускор ишбилармонлар билан учрашиш кетма – кетлиги Наманган вилоятига уланди. У ерда дастлаб умумий қиймати 10 млн. АҚШ доллари бўлган “Фазман текстиль” МЧЖнинг эркаклар кийимларини ишлаб чиқариш тикувчилик лойиҳаси ўрганилди. Тадбиркор билан бўлган суҳбат давомида мазкур фабрикада мингга яқин янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилётгани ва маҳсулотлар сифат жиҳатдан хорижникидан қолишмаслиги қайд этилди. Мулоқот натижасига кўра, лойиҳа учун 1,7 млн. АҚШ долларлик кредит маблағлари ажратилиши бўйича мурожаат банк ходимлари томонидан кўриб чиқилишига келишиб олинди. Шу билан бирга Тўрақўрғон туманидаги “Тўрақўрғон агросаноат” МЧЖнинг чорвачилик йўналишидаги лойиҳалари ҳамда уни кенгайтириш бўйича таклифлар ҳам жойига чиққан ҳолда ўрганилди. Қайд этилишича, банкнинг 800 минг АҚШ долларлик кредити ҳисобига Австрия давлатидан наслли чорва моллари харид қилиниши режалаштирилган. Ўзаро суҳбат давомида импорт шартномаларни тузиш ва у билан боғлиқ ташкилий масалалар бўйича тадбиркорга тавсиялар берилди.

3.jpg

Бундан ташқари, лойиҳалар билан танишиш асносида Норин туманидаги “Соғлик гарови” корхонасининг фаолият қамровини кенгайтириш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича ҳам ўрганишлар ўтказилди. Натижада тиббиёт марказида амалиёт хоналарини ташкил этиш ва уларни жиҳозлашда тадбиркорларга 3,2 млрд. сўмлик банк кредити ажратилиши белгиланди. Аслида тадбиркорлар билан анъанавий усуллар орқали йиғилиш кўринишида учрашиш ва мулоқот қилиш бирмунча қулайроқ бўлиши мумкин аммо ҳар бир лойиҳанинг ичига кириб, кўзга кўринмас жиҳатларини ҳам чуқур ўрганиш ҳам тадбиркор ҳам банк ҳам жамият учун фойдалидир.

“Туронбанк” АТБ матбуот хизмати.

/ Манба: Матбуот хизмати / Кўришлар: 1344
Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг By Speech